Jump to content

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида

From Wikisource
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида (1996)
320475Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида1996

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ ВА ТУРДОШ ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДА

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

[edit]

1-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: «муаллиф» — ижодий меҳнати билан асар яратган жисмоний шахс;

«ёзув» — овозлар ва (ёки) тасвирларнинг уларни техникавий воситалар ёрдамида қайта-қайта идрок этиш, такрорлаш ёки узатиш имконини берадиган бирон-бир моддий шаклдаги мужассами;

«ижрочи» — актёр, қўшиқчи, мусиқачи, раққос ёки роль ўйнайдиган, ўқийдиган, ифодали ўқийдиган, мусиқа асбобини чаладиган ёхуд адабиёт ёки санъат асарини (шу жумладан эстрада, цирк ёки қўғирчоқли номерни) бошқа бир тарзда ижро этадиган шахс, шунингдек спектаклнинг саҳналаштирувчи режиссёри ва дирижёри;

«эълон қилиш (ошкор қилиш, чоп этиш)» — омманинг оқилона талаб-эҳтиёжларини қондириш учун ҳамда асарнинг, фонограмманинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда асар, фонограмма нусхаларини муомалага етарли миқдорда чиқариш;

«манзарали-амалий санъат асарлари» — амалда фойдаланиладиган буюмларга кўчирилган икки ўлчовли ёки уч ўлчовли санъат асари, шу жумладан бадиий хунармандчилик асари ёки саноат йўли билан тайёрланадиган асар; «фонограмма» — бирон-бир ижро ёки бошқа овозларнинг ҳар қандай мутлақо овозли ёзуви;

«асар нусхаси» — асарнинг ҳар қандай моддий шаклда тайёрланган кўчирмаси;

«фонограмма нусхаси» — фонограммадан бевосита ёки билвосита тайёрланган ва шу фонограммага жо бўлган овозларнинг ҳаммасини ёки бир қисмини қамраб олган ҳар қандай моддий жисмдаги фонограмма кўчирмаси.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари фан, адабиёт ва санъат асарларини (муаллифлик ҳуқуқи), саҳна асарларини, ижроларни, фонограммаларни, эфир ва кабель орқали кўрсатув ҳамда эшиттиришлар берувчи ташкилотларнинг кўрсатув ва эшиттиришларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш натижасида келиб чиқадиган интеллектуал мулк соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

3-модда. Халқаро шартномалар

Башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.

II. МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ

[edit]

4-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш соҳаси

Муаллифлик ҳуқуқи:

муаллифларнинг ва уларнинг ҳуқуқий ворисларининг фуқаролигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси худудида эълон қилинган ёки бирон-бир объектив шаклда бўлган асарларга татбиқ қилинади;

Ўзбекистон Республикаси сарҳадларидан ташқарида эълон қилинган ёки бирон-бир объектив шаклда бўлган асарларга татбиқ қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган муаллифларга (уларнинг ҳуқуқий ворисларига) тегишли деб тан олинади;

Ўзбекистон Республикаси сарҳадларидан ташқарида эълон қилинган ёки бирон-бир объектив шаклда бўлган асарларга тадбиқ қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг фуқароси бўлган муаллифларга (уларнинг ҳуқуқий ворисларига) тегишли деб тан олинади.

Башарти асар Ўзбекистон Республикаси сарҳадларидан ташқарида биринчи марта эълон қилинган санадан сўнг ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эълон қилинган бўлса, Ўзбекистон Республикасида эълон қилинган деб ҳисобланади.

Асар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қўриқланиши лозим бўлса, унинг муаллифи ҳудудида муаллифлик ҳуқуқини олиш учун асос бўлиб хизмат қилган юридик факт содир бўлган давлатнинг қонуни билан аниқланади.

5-модда. Муаллифлик ҳуқуқи билан қўриқланадиган асарлар (муаллифлик ҳуқуқи объектлари)

Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ қилинади.

Асар оғзаки, ёзма шаклда ёки уни идрок этиш имконини берадиган бошқа объектив шаклда ифодаланган бўлиши лозим. Ёзма шаклдаги ёки моддий жисмда ўзгача усулда ифодаланган асар (қўлёзма, машинка ёзуви, нотали ёзувлар, техника воситалари ёрдамидаги ёзув, шу жумладан аудио ёки видеоёзув, икки ўлчовли ёки ҳажмий-фазовий шаклда яратилган тасвир ва ҳоказо), ундан учинчи шахсларнинг фойдаланиш имконияти бор-йўқлигидан қатъи назар, объектив шаклга эга деб ҳисобланади.

Оғзаки ёки моддий жисмда ифодаланмаган бошқа асар, башарти у учинчи шахслар идрок эта оладиган ҳолга келган бўлса (омма олдида сўзлаш, оммавий ижрочилик ва ҳоказо), объектив шаклга эга деб ҳисобланади.

Муаллифлик ҳуқуқи эълон қилинган асарларга нисбатан ҳам, эълон қилинмаган асарларга нисбатан ҳам татбиқ қилинади. Муаллифлик ҳуқуқи ғоялар, концепциялар, принциплар, тизимлар, таклиф қилинаётган ечимлар, объектив мавжуд кашфиётларга нисбатан татбиқ қилинмайди.

Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бошқа бирон-бир расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

6-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг турлари

Муаллифлик ҳуқуқи объектлари жумласига қуйидагилар киради:

адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар);

драматик ва сценарий асарлар;

матнли ва матнсиз мусиқа асарлари;

мусиқали-драматик асарлар;

хореография асарлари ва пантомималар;

аудиовизуал асарлар (кино, теле ва видеофильмлар, слайд-фильмлар, диафильмлар ва бошқа хил кино, теле ҳамда видео асарлар), радиоасарлар;

рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва бошқа тасвирий санъат асарлари;

манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари;

архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш санъати асарлари;

фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар;

жўғрофия, геология хариталари ва бошқа хариталар, жўғрофия, топография ва бошқа фанларга тааллуқли, тархлар, эскизлар ва асарлар;

барча турдаги электрон-ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) учун дастурлар, шу жумладан амалий дастурлар ва операция тизимлари;

ушбу Қонуннинг 5-моддасида белгилаб қўйилган талабларга жавоб берувчи бошқа асарлар.

7-модда. Асарнинг қисмлари ва ҳосила асарлар

Ушбу Қонуннинг 5-моддасида белгилаб қўйилган талабларни қаноатлантирувчи асарларнинг қисмлари, уларнинг номи ва ҳосила асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектларидир.

Ҳосила асарлар жумласига қуйидагилар киради:

бошқа асарларни қайта ишлаш натижасида яратилган асарлар (ишланма асарлар, аннотациялар, рефератлар, мухтасар хулосалар, шарҳлар, инсценировкалар, аранжировкалар ҳамда фан, адабиёт ва санъат соҳасидаги шунга ўхшаш бошқа асарлар);

таржималар;

материалларнинг танланганлиги ёки жойлаштирилганлигига кўра ижодий меҳнат натижаси бўлган тўпламлар (энциклопедиялар, антологиялар, маълумот базалари) ва бошқа жамлама асарлар.

Ҳосила асарларнинг яратилиши учун асос бўлган ёки улар ўз ичига олган асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, ҳосила асарлар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинади.

8-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайдиган асарлар ва уларга ўхшаш фаолият натижалари

Қуйидагилар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди:

расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар, тўхтамлар ва шу кабилар), шунингдек уларнинг расмий таржималари;

расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар);

халқ ижодиёти асарлари;

оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ва жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар;

инсоннинг бевосита индивидуаль асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти иштирокисиз, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар.

9-модда. Расмий ҳужжатлар, рамзлар ва белгиларнинг лойиҳаларига бўлган ҳуқуқлар

Расмий ҳужжат, рамз ёки белгининг лойиҳасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи лойиҳани яратган (ишлаб чиққан) шахсга тегишлидир.

Расмий ҳужжатлар, рамзлар ва белгиларнинг лойиҳаларини ишлаб чиққан шахслар, башарти бундай лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ берган орган томонидан тақиқланмаган бўлса, ўзлари яратган лойиҳаларни эълон қилишга ҳақлидир. Лойиҳани эълон қилишда уни ишлаб чиққан шахслар ўз исм-шарифларини кўрсатишга ҳақлидирлар.

Ваколатли орган расмий ҳужжат тайёрлаш учун лойиҳадан, башарти лойиҳа уни ишлаб чиққан шахс томонидан эълон қилинган ёки тегишли органга юборилган бўлса, мазкур шахснинг розилигисиз фойдаланиши мумкин.

Лойиҳа асосида расмий ҳужжатлар, рамзлар ва белгилар тайёрлаш чоғида расмий ҳужжат, рамз ёки белги тайёрлаётган органнинг хоҳишига кўра лойиҳага қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Ваколатли орган лойиҳани маъқуллаганидан кейин лойиҳадан уни ишлаб чиққан шахснинг исми-шарифини кўрсатмаган ҳолда фойдаланиши мумкин.

10-модда. Асар муаллифи. Муаллифлик презумцияси

Асар кимнинг ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, ана шу фуқаро асар муаллифи деб эътироф этилади.

Асар биринчи марта эълон қилинганда муаллиф сифатида кўрсатилган шахс, башарти ўзга ҳол исботланмаган бўлса, асар муаллифи ҳисобланади.

Асар имзосиз ёки тахаллус остида эълон қилинган тақдирда (муаллифнинг тахаллуси унинг ким эканлигига шубҳа қолдирмайдиган ҳоллар бундан мустасно), асарда исми-шарифи ёки номи кўрсатилган ношир, башарти бошқа далиллар бўлмаса, муаллифнинг вакили ҳисобланади ҳамда муаллифнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қоида бундай асар муаллифи ўз шахсини ошкор этгунича ва ўзининг муаллиф эканлигини маълум қилгунича амалда бўлади.

11-модда. Ҳаммуаллифлик Икки ёки ундан ортиқ фуқаронинг биргаликдаги ижодий меҳнати натижасида яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи, мазкур асар бўлинмас бир бутун ёки ҳар бири ҳам мустақил мазмунга эга қисмлардан иборат эканлигидан қатъи назар, ҳаммуаллифларга биргаликда тегишли бўлади.

Башарти асарнинг муайян қисмидан унинг бошқа қисмларига боғлиқ бўлмаган ҳолда фойдаланиш мумкин бўлса, бу мустақил мазмунга эга бўлган қисм деб эътироф этилади.

Ҳаммуаллифларнинг ҳар бири, башарти уларнинг ўртасидаги битимда ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, асарнинг ўзи яратган, мустақил мазмунга эга бўлган қисмидан ўз хоҳишига кўра фойдаланишга ҳақлидир.

Ҳаммуаллифлар ўртасидаги муносабатлар, қоида тариқасида, битим асосида белгиланади. Бундай битим бўлмаган тақдирда, асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи барча муаллифлар томонидан биргаликда амалга оширилади, муаллифлик ҳақи эса улар ўртасида тенг тақсимланади.

Башарти ҳаммуаллифларнинг асари бўлинмас бир бутунни ташкил этса, асардан фойдаланишни етарли асослар бўлмай туриб тақиқлаб қўйишга ҳаммуаллифлардан ҳеч бири ҳақли эмас.

12-модда. Фильм муаллифлари

Қуйидагилар кинофильм, телефильм ва видеофильмнинг тўлиқ муаллифлари (ҳаммуаллифлари)дир:

саҳналаштирувчи режиссёр;

сценарий муаллифи;

муайян аудиовизуал асар учун махсус яратилган матнли ёки матнсиз мусиқа асарининг муаллифи;

саҳналаштирувчи оператор.

Бундай асарнинг ҳаммуаллифлари жумласига айтиб ўтилган муаллифлар билан келишувга биноан фильмда фойдаланилган бошқа асарларнинг муаллифлари киритилиши мумкин.

Муқаддам мавжуд бўлиб, шунингдек фильм устида иш олиб бориш жараёнида яратилиб, фильмда фойдаланилган асарлар муаллифларининг ҳар бири умуман фильмга бўлган муаллифликдан қатъи назар, мустақил мазмунга эга бўлган ўз асарига муаллифликни сақлаб қолади.

13-модда. Ҳосила асарларнинг муаллифлари

Бошқа асарларни қайта ишлаган шахслар, таржимонлар, тўпламлар ва бошқа жамлама асарларнинг тузувчилари ҳосила асарларнинг муаллифлари деб эътироф этилади.

Ҳосила асарнинг муаллифи қайта ишланган, таржима қилинган ёки жамлама асарга киритилган асар муаллифининг ҳуқуқларига риоя этган тақдирдагина ҳосила асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади.

Ҳосила асарлар яратувчиларининг муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсларнинг муқаддам фойдаланилган асарлар асосида ўз ҳосила асарларини яратишларига тўсқинлик қилмайди.

14-модда. Интервью муаллифлари Интервью ёзувига бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифлар тариқасида интервью берган шахс билан интервью ўтказган ва уни ёзиб олган шахсга, башарти улар ўртасидаги келишувда ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, тегишлидир.

Интервью ёзувини эълон қилиш, кўрсатиш ва эшиттиришга интервью берган шахснинг розилиги билангина йўл қўйилади.

15-модда. Асарлар яратилишини ташкил этувчи шахсларнинг ҳуқуқлари

Асарлар яратилишини ташкил этувчи шахслар (энциклопедияларнинг ноширлари, фильмларнинг тайёрловчилари, продюсерлар ва шу кабилар) тегишли асарларнинг муаллифлари деб эътироф этилмайди. Бироқ ушбу Қонун ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда, бундай шахслар ана шундай асарлардан фойдаланишда алоҳида ҳуқуқларга эга бўладилар.

Энциклопедиялардан, энциклопедик луғатлардан, илмий ишларнинг даврий ва давомли тўпламларидан, газеталар, журналлар ва бошқа даврий нашрлардан фойдаланишнинг алоҳида ҳуқуқлари уларнинг ноширларига тегишлидир. Бундай нашрдан ҳар қандай тарзда фойдаланилганида ҳам ношир ўз номини кўрсатишга ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Бундай нашрларга киритилган асарларнинг муаллифлари, башарти асар яратишга доир шартномада ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, тўлиқ нашрдан қатъи назар, ўз асарларидан фойдаланишга бўлган алоҳида ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.

Аудиовизуал асар, шу жумладан фильм яратиш хусусида шартнома тузиш, башарти бундай шартномада ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, мазкур асар муаллифларининг асарни такрорлашга, уни тарқатишга, омма олдида ижро этишга, барчанинг эътиборига етказиш учун кабель орқали беришга, эфирга узатиш ёки асардан бошқа ҳар қандай тарзда оммавий фойдаланишга, фильм матнини субтитрлаш ва дубляж қилишга бўлган алоҳида ҳуқуқларининг асарни тайёрловчига ўтишига олиб келмайди. Мазкур ҳуқуқлар аудиовизуал асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати давомида амал қилади.

Фильм тайёрловчиси бу асардан ҳар қандай тарзда фойдаланилганида ҳам ўз исми-шарифи ёки номини кўрсатишга ёхуд исми-шарифи ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Фильм омма олдида намойиш этилганида мусиқа асарининг муаллифи ўзининг мусиқа асари (матнли ёки матнсиз) омма олдида ижро этилганлиги учун ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Фильм муаллифи ва фильмга бўлган мулкий ҳуқуқнинг бошқа эгалари розилигисиз фильмнинг охирги вариантини (ёзувнинг асл нусхасини) йўқ қилиб юбориш тақиқланади.

16-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгилари

Алоҳида муаллифлик ҳуқуқининг эгаси ўз ҳуқуқларидан хабардор этиш учун асарнинг ҳар бир нусхасида акс эттириладиган ва қуйидаги уч унсурдан иборат муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгисидан фойдаланиши мумкин:

айлана ичига олинган лотинча «С» ҳарфи;

алоҳида муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг исм-шарифи (номи);

асар биринчи марта эълон қилинган йил.

Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя белгисида кўрсатилган шахс, башарти ўзга ҳол исботланмаган бўлса, ҳуқуқ эгаси ҳисобланади.

17-модда. Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари

Асар муаллифига қуйидаги шахсий номулкий ҳуқуқлар тегишлидир:

муаллифлик ҳуқуқи;

муаллифлик номига бўлган ҳуқуқ;

асарнинг дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ.

Муаллиф шахсий номулкий ҳуқуқларни амалга оширишдан воз кечиш тўғрисида бирон-бир шахс билан тузган битим ва муаллифнинг бу ҳақдаги аризаси аҳамиятсиздир.

18-модда. Муаллифлик ҳуқуқи

Муаллиф (ҳаммуаллифлар)нинг ўзи яратган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсларнинг айни шу асарга муаллифлик ҳуқуқи эътироф қилинишини истисно этади.

19-модда. Муаллифлик номига бўлган ҳуқуқ

Муаллиф асардан ўз исм-шарифи, тахаллусини кўрсатган ҳолда ёки имзосиз фойдаланиш ёки шу тарзда фойдаланишга рухсат бериш борасидаги алоҳида ҳуқуқда (муаллифлик номига бўлган ҳуқуқда) эгадир.

20-модда. Асарнинг дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ

Муаллиф ўз асарига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳамда асарга ўзининг розилигисиз бирон-бир шахс томонидан ўзгартишлар ёки қўшимчалар киритилишидан асарини ҳимоя қилиш борасида алоҳида ҳуқуққа (асарнинг дахлсизлигига бўлган ҳуқуққа) эгадир.

Асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш чоғида асарнинг ўзига ҳам, унинг номига ҳам, муаллифнинг номи кўрсатилишига ҳам бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билангина йўл қўйилади.

Муаллифнинг розилигисиз унинг асарини безаклар билан, сўзбоши, хотима, шарҳ ёки бирон-бир тушунтиришлар билан нашр этиш тақиқланади.

Муаллифнинг вафотидан кейин асарнинг дахлсизлигини ҳимоя қилиш васиятномада кўрсатилган шахс томонидан, бундай кўрсатма бўлмаган тақдирда эса муаллифнинг меросхўрлари, шунингдек қонунга мувофиқ зиммасига муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган шахслар томонидан амалга оширилади.

21-модда. Асарни эълон қилиш ҳуқуқи

Муаллиф номуайян доирадаги шахсларнинг асардан фойдаланишига имкон яратиб бериш ҳуқуқи (асарни эълон қилиш ҳуқуқи)га эгадир.

Асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш, оммага намойиш этиш йўли билан ёки бошқа тарзда оммавийлаштириш орқали муаллиф томонидан ёки унинг розилиги билан номуайян доирадаги шахсларнинг асардан фойдаланиши учун биринчи бор имкон яратиб берилса, асар эълон қилинган ҳисобланади.

Муаллиф асарни эълон қилиш тўғрисида илгари қабул қилган қароридан асардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга улар шундай қарор туфайли кўрган зарарнинг ўрнини, шу жумладан бой берилган фойдани қоплаш шарти билан воз кечиш ҳуқуқига (асарни чақириб олиш ҳуқуқига) эгадир. Башарти асар эълон килинган бўлса, муаллиф ўз асарини чақириб олганлигини оммага маълум қилиши шарт. Бунда муаллиф асарнинг аввал тайёрлаб қўйилган нусхаларини ўз ҳисобидан муомаладан олиб қўйишга ҳақлидир.

Бу қоидалар, башарти муаллиф билан тузилган шартномада ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, хизмат асарларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

22-модда. Муаллифнинг асардан фойдаланиш ҳуқуқи

Муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланиш борасида алоҳида ҳуқуқларга эгадир.

Асарни такрорлаш ва уни тарқатиш, бошқа йўллар билан реализация қилиш, хусусан:

асарни омма олдида намойиш этиш (кўргазмага қўйиш, экспонат сифатида кўрсатиш);

асарнинг моддий жисмини ташкил этувчи нусхасини ижарага бериш;

асарни омма олдида ижро этиш;

асарни эфирга узатиш (радио ёки телевидение орқали трансляция қилиш), шу жумладан кабель ёки алоқа йўлдоши орқали бериш;

асарни техника ёрдамида ёзиб олиш;

асарнинг техникавий ёзувини эшиттириш ёки кўрсатиш, шу жумладан радио ёки телевидение орқали;

асардан кейинчалик фойдаланиш мақсадида уни таржима қилиш ёки қайта ишлаш;

шаҳарсозлик, архитектура, дизайн лойиҳасини амалий рўёбга чиқариш асардан фойдаланиш ҳисобланади.

Асарга унинг объектив шаклини, ақалли асл нусхасида қандай бўлса, шу ҳолдаги шаклини қайта бериш (асарни нашр этиш, аудио ёки видеоёзувлардан нусха кўпайтириш ва шу кабилар) асарни такрорлаш ҳисобланади.

Асар нусхаларини сотиш, алмаштириш, ижарага бериш ёки улар иштирокида бошқа амалларни бажариш, шу жумладан уларни импорт қилиш асарни тарқатиш ҳисобланади.

Башарти асарнинг нусхалари қонунан бошқа шахсга берилган бўлса, уларни кейинчалик муаллифнинг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда тарқатишга йўл қўйилади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Асардан даромад (фойда) олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган деб ҳисобланади.

Асарнинг мазмунини ташкил этувчи қоидаларни (кашфиётларни, бошқа техникавий, иқтисодий, ташкилий ва шу каби ечимларни) амалий қўллаш асардан муаллифлик ҳуқуқи маъносида фойдаланганликни англатмайди.

23-модда. Асарларни сақлаш учун топшириш

Башарти асар сақлаш учун ҳар ким фойдаланиши мумкин бўлган сақлов жойига (депозитарийга) топширилган бўлса ва депозитарий билан тузилган шартномага кўра мазкур депозитарийга мурожаат этадиган ҳар қандай шахснинг асар нусхасини олишига йўл берса, асардан бу тарзда фойдаланиш асарларнинг қўлёзмаларини, моддий жисмдаги бошқа асарларни, шу жумладан машина ёрдамида тайёрланган асарларни сақлаш учун топшириш деб эътироф этилади.

Асарни сақлаш учун топшириш асардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг (ҳуқуқ эгасининг) депозитарий билан тузилган, асардан фойдаланиш шартларини белгилаб берувчи шартномаси асосида амалга оширилади. Бундай шартнома ва депозитарийнинг фойдаланувчи билан тузган шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади

24-модда. Асардан фойдаланиш ҳуқуқини тасарруф этиш

Муаллиф ёки ҳуқуққа эга бўлган бошқа шахс шартномага, шу жумладан очиқ савдода тузилган шартномага биноан асардан фойдаланиш борасидаги барча ҳуқуқларни ўзга шахсга бериши (фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш) мумкин. Асардан фойдаланиш ҳуқуқи бир шахсдан бошқа шахсга универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ўтади.

25-модда. Тасвирий санъат асарларидан фойдаланиш ҳуқуқи

Тасвирий санъат асарининг муаллифи асар мулкдоридан ўзининг асарини такрорлаш ҳуқуқини (фойдаланиш ҳуқуқини) амалга ошириш имконини беришни талаб қилишга ҳақлидир. Бунда асар мулкдоридан асарни муаллифга етказиб беришни талаб қилиш мумкин эмас.

26-модда. Муаллифлик ҳуқуқларининг чекланиши

Муаллиф ва бошқа шахсларнинг асардан фойдаланиш борасидаги алоҳида ҳуқуқларини чеклашга ушбу Қонуннинг 17—21-моддаларида ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Мазкур чеклашлар асардан нормал фойдаланилишига ўринсиз зиён етказмаган ва муаллифнинг қонуний манфаатларини асоссиз камситмаган тақдирдагина татбиқ этилади.

27-модда. Бегона асарни шахсий мақсадларда такрорлаш

Чоп этилган бегона асардан муаллифнинг розилигисиз ва муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда шахсий мақсадларда фойдаланишга, башарти бунда асардан нормал фойдаланилишга зиён етмайдиган ва муаллифнинг қонуний манфаатларига путур етмайдиган бўлса, йўл қўйилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

бинолар ва шунга ўхшаш иншоотлар шаклидаги архитектура асарларидан фойдаланиш;

маълумот базалари ёки уларнинг муҳим қисмларидан фойдаланиш;

қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда, ЭҲМ учун яратилган дастурлардан фойдаланиш;

китобларни (тўлиқ) ва нотали матнларни репродукция қилиш. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилганидан истисно тарзда, қонунда аудио ва видеоёзувлардан шахсий мақсадларда фойдаланилган тақдирда тегишли ёзувнинг муаллифи, ижрочиси ва ишлаб чиқарувчиси тегишли ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлиши белгилаб қўйилиши мумкин.

Асарни такрорлаганлик учун ҳақ ишлаб чиқарувчилар ёки асарни такрорлаш учун ишлатиладиган асбоб-ускуналар (аудио аппаратлар, видеомагнитофонлар ва шу кабилар) ҳамда асар моддий жисмининг (аудио ва (ёки) видео плёнкалар, кассеталар, лазер дискалар, компакт дискалар ва шу кабиларнинг) импортчилари томонидан ажратмалар (фоизлар) шаклида тўланади.

28-модда. Асардан муаллифнинг исми-шарифини кўрсатган ҳолда эркин фойдаланиш

Асардан муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манбани кўрсатган ҳолда ҳамда асардан нормал фойдаланилишига зарар етмаслик ва муаллифнинг қонуний манфаатларини камситмаслик шарти билан қуйидаги тарзда эркин фойдаланишга йўл қўйилади:

чоп этилган асарни улардан олинган цитаталар тарзида (асл нусха тилида ва таржимада), шу жумладан газета ва журналларнинг мақолаларидан олинган парчалар тарзида цитатадан кўзланган мақсадга мос ҳажмда илмий, тадқиқот, танқид ва ахборот мақсадларида такрорлаш ҳамда тарқатиш;

чоп этилган асарларни таълим ва ўқув тусидаги нашрларда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда, аудио ва видеоёзувларда мисол тариқасида қўйилган мақсадга лойиқ ҳажмда такрорлаш, техника ёрдамида ёзиб олиш ва эфир орқали бериш;

кундалик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний масалалар юзасидан газета ва журналларда эълон қилинган мақолалар ёки эфир орқали берилган шу тусдаги асарларни газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш, бундай фойдаланиш муаллиф томонидан атайин тақиқланган ҳоллар бундан мустасно;

омма олдида сўзланган сиёсий нутқлар, мурожаатлар, маърузалар ва шунга ўхшаш асарларни қўйилган мақсадга мос ҳажмда газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш;

кундалик воқеалар жараёнида кўриш ёки эшитиш мумкин бўлган асарларни ана шундай воқеаларнинг шарҳларида ахборот мақсадига мос ҳажмда такрорлаш, омма олдида намойиш этиш, эфирга узатиш;

фойда олишни кўзламаган ҳолда кўзи ожизлар учун қабариқ нуқтали ҳарфлар ёки бошқа усуллар билан чоп этилган асарларни такрорлаш, фойдаланишнинг ана шундай усуллари учун атайин яратилган асарлар бундан мустасно.

29-модда. Асарлардан репродукция қилиш йўли билан фойдаланиш

Муаллифнинг розилигисиз ва муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда, лекин асаридан фойдаланилаётган муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манбаини албатта кўрсатиб, қуйидагилардан фойда олишни кўзламай репродукция қилишга йўл қўйилади:

асардан, йўқолган ёки яроқсиз бўлиб қолган нусхаларини тиклаш, алмаштириш учун, шунингдек ўз фондларидан бу асарларни бирон сабаб билан йўқотган бошқа кутубхоналарга асарларнинг нусхаларини тақдим этиш учун кутубхоналар ва архивлар томонидан;

тўпламларда, газеталар ва бошқа даврий нашрларда қонуний равишда эълон қилинган айрим мақолалар ва кичик ҳажмли асарлардан, қонуний равишда эълон қилинган ёзма асарлардан (суратли ёки суратсиз) қисқа парчалар фуқароларнинг ўқув ва тадқиқот мақсадларидаги сўровлари асосида кутубхоналар ва архивлар томонидан, шунингдек аудитория машғулотлари учун таълим муассасалари томонидан.

30-модда. Ҳамма бемалол бора оладиган жойларда доимий жойлашган асарлардан эркин фойдаланиш

Ҳамма бемалол бора оладиган жойларда доимий жойлашган архитектура, фотография, тасвирий санъат асарларини муаллифнинг розилигисиз ва муаллифлик ҳақи тўламаган ҳолда такрорлаш, эфирга узатишга ёки ҳамманинг эътиборига етказиш учун кабель орқали узатишга йўл қўйилади.

Бу қоида асарнинг тасвири шундай такрорлашнинг, эфирга узатишнинг ёки ҳамманинг эътиборига етказиш учун кабель орқали узатишнинг асосий объекти бўлган ҳолларга нисбатан, шунингдек асарнинг ифодасидан тижорат мақсадларида фойдаланиладиган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.

31-модда. Асарларни омма олдида эркин ижро этиш

Қонунан эълон қилинган мусиқа асарларини расмий, диний ва дафн маросимларида бундай маросимларнинг хусусиятига мос ҳажмда муаллифнинг розилигисиз ва муаллифлик ҳақи тўламаган ҳолда омма олдида ижро этишга йўл қўйилади.

32-модда. Судлов мақсадларини кўзлаб, асарларни эркин такрорлаш

Судлов ва маъмурий иш юритиш мақсадларини кўзлаб, фойдаланиш мақсадига мос ҳажмда асарларни муаллифнинг розилигисиз ва муаллифлик ҳақи тўламаган ҳолда ижро этишга йўл қўйилади.

33-модда. Эфир орқали кўрсатув ва эшиттиришлар берувчи ташкилотлар томонидан асарларни қисқа муддат фойдаланиш мақсадида эркин ёзиб олиш

Эфир орқали кўрсатув ва эшиттиришлар берувчи ташкилот ўзи эфирга узатиш ҳуқуқини олган асарни муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва қўшимча ҳақ тўламаган ҳолда қисқа муддат фойдаланиш мақсадида ёзиб олишга ҳақлидир, бунда эфир орқали кўрсатув ва эшиттиришлар берувчи ташкилот ёзувни ўз ускуналари ёрдамида ҳамда ўз кўрсатув ва эшиттиришлари учун амалга ошириши шарт.

Башарти бундай ёзувни сақлаб туришнинг узоқроқ муддати муаллиф билан келишилган бўлмаса, у тайёрланганидан кейин олти ой ичида йўқ қилиб юборилиши шарт. Агар бундай ёзув бутунлай ҳужжатли руҳда бўлса, у асар муаллифининг розилигисиз расмий архивларда сақлаб қўйилиши мумкин.

34-модда. ЭҲМ учун яратилган дастурнинг ёки маълумотлар базасининг нусхасига эга бўлган шахс ҳуқуқларининг чекланиши

ЭҲМ учун яратилган дастурнинг ёки маълумотлар базасининг нусхасига эга бўлган шахснинг ЭҲМ учун яратилган дастурни ва маълумотлар базасини кейинги шахсий фойдаланиш мақсадида такрорлашга ва қайта ишлашга бўлган ҳуқуқи қонун билан белгилаб қўйилади.

35-модда. Хизмат асарига бўлган ҳуқуқ

Хизмат топшириғини бажариш тартибида яратилган асарга (хизмат асарига) бўлган муаллифлик ҳуқуқи шу асар муаллифига тегишлидир.

Хизмат асаридан топшириқ мақсади тақозо этган усулда ва топшириқдан келиб чиқадиган доирада фойдаланиш ҳуқуқи, башарти иш берувчи билан муаллиф ўртасидаги шартномада ўзгача ҳол назарда тутилган бўлмаса, асар яратиш ҳақида топшириқ берган ва муаллиф меҳнат муносабатлари ўрнатган шахсга (иш берувчига) тегишлидир. Иш берувчи бундай фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга ҳақлидир.

Иш берувчи билан муаллиф ўртасидаги шартномада хизмат асаридан фойдаланганлик учун муаллифга ҳақ тўлаш назарда тутилган ва асардан фойдаланишнинг бошқа шартлари қамраб олинган бўлиши мумкин.

Иш берувчи билан тузилган шартномадан қатъи назар, муаллиф асар тақдим этилган вақтдан эътиборан ўн йил ўтганидан кейин, иш берувчининг розилиги билан эса, ундан ҳам олдинроқ асардан фойдаланиш ва муаллифлик ҳақини олиш ҳуқуқини тўлиқ ҳажмда қўлга киритади.

Муаллифнинг хизмат асаридан топшириқ мақсади тақозо этмайдиган усулда фойдаланиш ҳуқуқи чекланмайди.

36-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг Ўзбекистон Республиқаси худудида амал қилиши

Биринчи марта Ўзбекистон Республикаси худудида чоп этилган ёки чоп этилмаган бўлсада, асл нусхаси бирон-бир объектив шаклда унинг ҳудудида турган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади. Бундай ҳолда муаллифлик ҳуқуқи муаллифга ва унинг меросхўрларига, шунингдек фуқаролигидан қатъи назар, муаллифнинг бошқа ҳуқуқий ворисларига тегишли деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг асарлари биринчи марта чет давлат ҳудудида чоп этилган ёки бирон-бир объектив шаклда ана шу давлат ҳудудида турган бўлса, бундай асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига, худди шунингдек уларнинг меросхўрлари ва бошқа ҳуқуқий ворисларига тегишли деб эътироф этилади.

Муаллифга халқаро шартномаларга мувофиқ ҳуқуқий ҳимоя берилиши вақтида асарнинг чет давлат ҳудудида чоп этилганлиги тегишли халқаро шартнома қоидаларига биноан аниқланади.

Асарни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳимоя қилиш мақсадида асарнинг муаллифи деб эътироф этиладиган шахс асар биринчи марта қайси давлатнинг ҳудудида ҳимоя қилина бошлаган бўлса, шу давлатнинг қонунларига биноан аниқланади.

37-модда. Муаллифлик ҳуқуқи амал қилишининг бошланиши

Асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи чоп этилганлиги ёки этилмаганлигидан қатъи назар, асарга учинчи шахслар идрок эта оладиган объектив шакл берилган вақтдан бошлаб амал қилади. Оғзаки асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи бу асар учинчи шахсларга маълум қилинган вақтдан бошлаб амал қилади.

Башарти асар ушбу Қонуннинг 36-моддаси қоидаларининг таъсир доирасига кирмаса, бундай асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи, башарти у Ўзбекистон Республикасида эълон қилинган бўлса, биринчи марта эълон қилинган вақтдан бошлаб ҳимоя қилинади.

38-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати

Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва вафотидан кейин у вафот этган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан эллик йил давомида амал қилади.

Ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифларнинг бутун ҳаёти давомида ва ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган шахс вафот этганидан кейин эллик йил давомида амал қилади.

Биринчи марта тахаллус остида ёки имзосиз чоп этилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар чоп этилган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан эллик йил давомида амал қилади.

Башарти ана шу муддат ичида имзосиз ёки тахаллус остида чоп этилган асар муаллифининг шахси маълум бўлиб қолса, ушбу модданинг биринчи қисмида айтилган муддатлар қўлланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида айтиб ўтилган муддатлар давомида муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг меросхўрларига тегишли бўлади ва мерос бўйича бир шахсдан бошқа шахсга ўтади. Айни ана шу муддатлар ичида муаллифлик ҳуқуқи муаллиф билан, унинг меросхўрлари ва кейинги ҳуқуқий ворислари билан тузилган шартнома бўйича бу ҳуқуқни олган ҳуқуқий ворисларга тегишли бўлади.

Муаллиф вафотидан кейин эллик йил ичида биринчи марта чоп этилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар чоп этилган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан эллик йил давомида амал қилади.

Муаллифлик, муаллифнинг исм-шарифи ва асарнинг дахлсизлиги муддатсиз ҳимоя қилинади.

39-модда. Асарнинг ижтимоий мулкка айланиши

Асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин асар ижтимоий мулкка айланади.

Ўзбекистон Республикаси худудида ҳеч қачон ҳимоя билан таъмин этилмаган асарлар ижтимоий мулк ҳисобланади.

Ижтимоий мулк ҳисобланган асардан ҳар қандай шахс муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда эркин фойдаланиши мумкин. Бунда асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқига, муаллифлик номига бўлган ҳуқуқда ва асарнинг дахлсизлигига бўлган ҳуқуққа риоя этилиши лозим.

40-модда. Муаллифлик шартномаси

Муаллиф ёки унинг меросхўри муаллифлик шартномаси тузиш орқали ўз асаридан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиши мумкин. Муаллифлик шартномаси учун ҳақ тўлаш талаб қилинади.

Муаллифлик шартномаси тайёр асар учун ёки муаллиф яратишни ўз зиммасига олган асар учун (буюртма шартномаси) тузилади. Асардан у ёки бу доирада фойдаланишга рухсатнома бериш тўғрисидаги муаллиф ёки унинг меросхўрлари тузадиган шартнома ҳам (муаллифлик лицензия шартномаси) муаллифлик шартномаси ҳисобланади.

41-модда. Муаллифлик шартномасининг шартлари

Муаллифлик шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

асардан фойдаланиш усуллари (мазкур шартнома асосида бериладиган конкрет ҳуқуқлар);

асардан фойдаланишнинг ҳар бир усули учун тўланадиган ҳақ миқдори ва (ёки) тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш тартиби, уни тўлашнинг тартиби ва муддати.

Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи қанча муддатга берилиши тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартнома тузилган санадан бошлаб беш йил ўтганидан кейин, башарти фойдаланувчи шартнома бекор қилингунига қадар камида олти ой олдин бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилган бўлса, шартнома муаллиф томонидан бекор қилиниши мумкин.

Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи амал қиладиган ҳудуд доираси тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартномага биноан берилаётган ҳуқуқнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан чекланади.

Шартнома тузилган вақтда асардан фойдаланиш ҳақидаги ҳали маълум бўлмаган ҳуқуқлар муаллифликка доир шартнома мавзуси бўлиши мумкин эмас.

Асардан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақ миқдори тарафларнинг келишувига биноан муаллифлик шартномасида белгилаб қўйилади.

Башарти асарни нашр этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш ҳақидаги муаллифлик шартномасида ҳақ тўлаш қатъий сумма тарзида белгиланса, шартномада асарнинг энг кўп тиражи белгилаб қўйилиши шарт.

Муаллиф ёки унинг меросхўрларининг ҳақ олишга бўлган ҳуқуқни рад этиши аҳамиятсиздир.

Муаллифлик шартномаси бўйича берилган ҳуқуқларни шартномадаги исталган тараф шартномада бевосита назарда тутилган тақдирдагина бошқа шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказиши мумкин.

42-модда. Муаллифлик шартномасининг шакли

Муаллифлик шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

43-модда. Муаллифлик шартномаси бўйича жавобгарлик

Муаллифлик шартномаси бўйича мажбуриятларни умуман ёки тегишли даражада бажармаган томон бошқа томонга етказилган зарарнинг ўрнини, шу жумладан бой берилган фойдани ҳам қоплаши шарт.

44-модда. Муаллифлик лицензия шартномасининг амал қилиш муддати

Муаллифлик лицензия шартномаси унда назарда тутилган, аммо муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатидан кўп бўлмаган муддат давомида амал қилади.

Асар муаллифи ёки унинг меросхўрлари, муаллифлик лицензия шартномасига муддат тўғрисидаги шарт киритилганлиги ёки киритилмаганлигидан қатъи назар, шартнома тузилган санадан эътиборан ўн йил ўтганидан кейин ўз контрагентини камида олти ой олдин ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳақлидир. Муаллиф ёки унинг меросхўрларида бундай ҳуқуқ ҳар ўн йилда вужудга келади. Шартномада асардан фойдаланиш муддатлари назарда тутилиши мумкин, бу муддатларни бузганлик ҳуқуқ эгасининг шартномани бекор қилиш ҳуқуқига сабаб бўлади.

45-модда. Муаллифлик ҳуқуқларини бошқариш

Ҳуқуқ эгаси ўзига тегишли ҳуқуқни ўэ хоҳишига кўра шахсан амалга оширишга ҳақлидир.

Ҳуқуқ эгасидан бошқа шахслар муаллифлик ҳуқуқларини фақат ҳуқуқ эгасининг розилиги билан ва у берган ваколатлар доирасида бошқаришлари мумкин, вакилликни қонуний вакил амалга оширадиган ҳоллар бундан мустасно.

Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг эгалари зиммасига муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бошқариш юклатиладиган ташкилотларни тузишлари мумкин. Бундай ташкилотлар ҳуқуқ эгалари билан тузилган шартнома асосида ўзларига берилган ваколатлар доирасида ва ўз ҳуқуқлари доирасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар эгаларининг манфаатларини ифода этадилар. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бошқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгилаб қўйилган давлат органи берган лицензиялар асосида ва шу органнинг назорати остида иш олиб борадилар. Улар тижорат фаолияти билан шуғулланишга ва асарлардан фойдаланишга ҳақли эмас.

Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бошқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар ўзларига мурожаат қилган муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқ эгасининг топшириғини ўз зиммаларига олишлари шарт. Бундай ташкилотлар топшириқни ўзлари ишлаб чиққан қўшилув шартномаси асосида бажаришлари мумкин. Шартномада ташкилотнинг қилган харажатлари ҳуқуқ эгаси томонидан қопланиши назарда тутилиши мумкин.

Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бошқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар шартномаларга мувофиқ ўзлари олган ваколатлар асосида бошқа шахсларга (фойдаланувчиларга) асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланишнинг тегишли усуллари учун лицензиялар берадилар. Бундай лицензияларнинг шартлари бир тоифадаги барча фойдаланувчилар учун бир хил бўлмаслиги керак ва етарли асослар бўлмай туриб лицензия беришни рад этиб бўлмайди.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатиб ўтилган ташкилотлардан бўлак ҳар қандай шахслар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар эгаларининг манфаатларини умумий асосларда ифода этишлари мумкин.

46-модда. Асардан шартнома тузмаган ҳолда ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик

Ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмаган ҳолда асардан фойдаланилган такдирда қоидабузар ҳуқуқ эгасига етказилган зарарнинг ўрнини, шу жумладан бой берилган фойдани қоплаши шарт. Ҳуқуқ эгаси қоидабузардан ўзи кўрган зарар ўрнига унинг қоидабузарлик оқибатида олган даромадларини ундириб олишга ҳақли.

Асардан муаллифлик шартномасида назарда тутилмаган усулда ёки бундай шартноманинг амал қилиши тўхтаганидан кейин фойдаланиш асардан шартнома тузмаган ҳолда фойдаланиш деб ҳисобланади.

III. ТУРДОШ ҲУҚУҚЛАР

[edit]

47-модда. Турдош ҳуқуқлар объекти

Турдош ҳуқуқлар саҳна асарларига, ижрога, ижронинг аудио ва видеоёзувига (ижро ёзувига), эфир ва кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ва эшиттиришларига татбиқ этилади.

48-модда. Турдош ҳуқуқларнинг субъектлари

Ижро этиш ҳуқуқи ижрочиларга — артистларга, саҳналаштирувчи режиссёрларга, дирижёрларга, шунингдек уларнинг меросхўрларига тегишлидир. Бундай ижродан фойдаланиш ҳуқуқи бошқа ҳуқуқий ворисларга ўтиши мумкин.

Ижро ёзувига бўлган ҳуқуқ ана шундай ёзувни амалга оширган шахсга ёки унинг ҳуқуқий ворисларига тегишлидир.

Трансляция қилиш ҳуқуқи кўрсатув ва эшиттиришни яратган эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотга ёки унинг ҳуқуқий ворисларига тегишлидир.

49-модда. Турдош ҳуқуқларнинг ҳимоя белгилари

Ижрони ёзиб олган шахс ва ижрочи ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш учун турдош ҳуқуқларнинг ҳимоя белгисидан фойдаланишлари мумкин, аудио ёки видеоёзувнинг ҳар бир нусхасида ва (ёки) улар сақланадиган ғилофда акс эттириладиган бу белги қуйидаги уч унсурдан иборат бўлади:

айлана ичидаги лотинча «Р» ҳарфи;

алоҳида турдош ҳуқуқлар эгасининг исми (номи);

ёзув биринчи марта эълон қилинган йил.

50-модда. Ижрочининг ҳуқуқлари

Ижрочи қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

ижро вақтида, ижро ёзувининг нусхаларида, ижро трансляция қилинаётганда ёки такрорланаётганида унинг исмини кўрсатиш;

асарни бузиб ижро этишдан химоя қилиш;

ижродан фойдаланишни амалга ошириш ёки фойдаланишга рухсат бериш.

Ижродан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидагиларга рухсат бериш ҳуқуқини қамраб олади:

ижрони эфир ва кабель орқали трансляция қилиш;

ижрони техника воситалари ёрдамида ёзиб олиш;

ёзиб олинган ижрони трансляция қилиш ва омма олдида такрорлаш;

ижро ёзувини кўпайтириш ва унинг нусхаларини тарқатиш.

Ижрочилар ўз ҳуқуқларини ижро этилаётган асарлар муаллифларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда рўёбга чиқарадилар.

Ижродан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш қонун билан белгилаб қўйилади.

Хизмат топшириғини бажариш тартибида амалга оширилган ижрога (хизмат ижросига) бўлган ҳуқуққа нисбатан тегишинча ушбу Қонун 35-моддасининг қоидалари татбиқ этилади.

51-модда. Ижрочи ҳуқуқларининг амал қилиши

Ижрочининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биринчи марта амалга оширилган ижрога бўлган ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади. Бундай ҳолларда, фуқаролигидан қатъи назар, ҳуқуқ ижрочига, унинг меросхўрларига, шунингдек ижрочининг бошқа ҳуқуқий ворисларига тегишли деб эътироф этилади. Ижрочининг ҳуқуқи ижро биринчи бор чет давлат ҳудудида амалга оширилган ҳолларда ҳам унга, шунингдек унинг ҳуқуқий ворисларига тегишли деб эътироф этилади.

Ижрочининг ҳуқуқлари биринчи ёзув ёки биринчи ижро (саҳналаштириш) пайтидан эътиборан эллик йил давомида амал қилади.

Ижрочининг номга бўлган ҳуқуқи ва ижрони бузишлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқи муддатсиз қўриқланади.

52-модда. Ижродан фойдаланиш

Ижрочи ва ижро этиш ҳуқуқининг бошқа эгаси бу ҳуқуқдан ўз хоҳишига кўра мустақил равишда фойдаланишга ҳақли.

Ижродан бошқа шахсларнинг фойдаланишига фақат ижрочининг рухсати билан ёки бошқа ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартнома асосида унинг рухсати билан йўл қўйилади.

53-модда. Ижродан фойдаланиш ҳуқуқини тасарруф этиш

Ҳуқуқ эгаси ўзининг ижродан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш, шу жумладан ижродан у ёки бу доирада фойдаланиш учун бошқа шахсга рухсатнома (лицензия) бериш йўли билан ўтказиш тўғрисида шартнома тузиши мумкин.

Ижрочи ёки унинг ҳуқуқий вориси ижродан фойдаланишга рухсат этганлик учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Фойдаланишнинг ҳар бир тури учун алоҳида ҳақ тўланиши керак.

Ҳақ олиш ҳуқуқидан воз кечиш аҳамиятсиздир.

54-модда. Ижрони ёзиб олган шахснинг ҳуқуқлари

Ижронинг аудиоёзувини, видеоёзувини, аудио-видеоёзувини амалга оширган шахс ва унинг ҳуқуқий вориси ана шу ёзувга нисбатан алоҳида ҳуқуқа эга бўлади.

Бундай ёзувдан бошқа шахсларнинг фойдаланишига ана шу ёзувни амалга оширган шахс ёки унинг ҳуқуқий ворисининг рухсати билангина йўл қўйилади.

Ижрони ёзиб олган шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси қуйидагиларни амалга оширишга ёки қуйидагиларга рухсат беришга ҳақлидир:

ёзувни омма олдида такрорлаш;

ёзувга тузатишлар киритиш ёки уни ўзга тарзда қайта ишлаш; ёзувнинг нусхаларини тарқатиш (сотиш, ижарага бериш ва шу кабилар), шу жумладан чет элга бериб юбориш;

ёзувлардан нусха кўчириш;

ёзув нусхаларини импорт қилиш.

Башарти ижро ёзувининг нусхасига эгалик қилиш ҳуқуқи ижрони ёзиб олган шахсга тегишли бўлмаса, ёзувдан фойдаланиш, шу жумладан уни тижорат мақсадида ижарага бериш соҳасидаги алоҳида ҳуқуқ ёзувни амалга оширган шахсда сақланиб қолади.

Ижрони ёзиб олган шахснинг ҳуқуқларини чеклаш қонун билан белгилаб қўйилади.

Ижро ёзувига бўлган ҳуқуқнинг эгалари ўз ҳуқуқларини асарлар муаллифларининг ҳуқуқларини ва ижрочиларнинг ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширадилар.

55-модда. Ижрочининг ёзувидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш

Фойда олиш мақсадида эълон қилинган ижро ёзувини амалга оширган шахснинг ва ижроси ёзилган ижрочининг розилигисиз, лекин ҳақ тўлаган ҳолда:

ёзувни омма олдида ижро этишга;

ёзувни эфир орқали кўрсатиш ва эшиттиришга;

ёзувни ҳамманинг умумий маълумоти учун кабель орқали юборишга йўл қўйилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳақни тўплаш, тақсимлаш ҳамда тўлаш муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бошқариш билан шуғулланадиган ташкилот томонидан амалга оширилади (ушбу Қонуннинг 45-моддаси).

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳақ миқдори ва уни тўлаш тартиби, бир тарафдан, ёзувдан фойдаланувчи ёки бундай фойдаланувчилар бирлашмаси ҳамда, иккинчи тарафдан, муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бошқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар ўртасидаги битимда белгилаб қўйилади.

Ҳақ миқдори ёзувдан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун белгиланади.

56-модда. Ижро ёзувини амалга оширган шахс ҳуқуқларининг амал қилиши

Ижро ёзувини амалга оширган шахснинг ҳуқуқи, агар бу ёзув биринчи марта Ўзбекистон Республикасида омма олдида такрорланган ёки унинг нусхалари омма орасида тарқатилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади.

Ижро ёзувини амалга оширган шахс ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш жойи ёки жойлашган манзили бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки юридик шахсларга ҳам тегишли деб тан олинади.

Бошқа давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари кучига ёки ҳамжиҳатлик принципига асосан Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан тенг равишда фойдаланадилар.

Ижро ёзувини амалга оширган шахснинг ҳуқуқлари ёзув амалга оширилган пайтдан бошлаб эллик йил мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.

57-модда. Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари

Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот ўз кўрсатув ва эшиттиришларидан исталган шаклда фойдаланиш ва учинчи шахсларга бундай кўрсатув ва эшиттиришлардан фойдаланиш учун рухсат бериш борасида алоҳида ҳуқуқларга эга.

Кўрсатув ва эшиттиришлардан учинчи шахсларнинг фойдаланиши шартнома асосида амалга оширилади. Ҳуқуқ эгаси фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот қуйидагиларга ҳақлидир:

кўрсатув ва эшиттиришни трансляция қилиш;

эфир орқали кўрсатув ва эшиттиришларни берувчи бошқа ташкилотларга ва кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотларга ўз кўрсатув ва эшиттиришларини бир вақтнинг ўзида трансляция қилишга ҳамда ретрансляция қилишга рухсат бериш;

ўз кўрсатув ва эшиттиришларини ёзиб олиш;

ўз кўрсатув ва эшиттиришлари ёзувини такрорлаш;

такрорланган ёзув нусхаларини тарқатиш;

ўз кўрсатув ва эшиттиришларини трансляция қилишга ва бир вақтнинг ўзида кабель орқали трансляция, ретрансляция қилишга ҳамда бу кўрсатув ва эшиттиришлар ёзувини трансляция қилишга рухсат бериш;

кириш пуллик бўлган жойларда оммавий трансляция қилиш ва такрорлаш, бошқа шахсларга шундай трансляция қилиш ва такрорлашга рухсат бериш.

Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотларнинг ҳуқуқларини чеклаш қонун билан белгилаб қўйилади.

Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот ўз ҳуқуқларини асар муаллифларининг ҳуқуқлари ва ижрочиларнинг ҳуқуқларини, зарур ҳолларда эса, ижро ёзувига бўлган ҳуқуқ эгаларининг ҳамда эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширади.

58-модда. Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот ҳуқуқларининг амал қилиши

Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади, башарти ташкилотнинг ушбу ҳудудда жойлашган манзили бўлса ҳамда унда жойлаштирилган узаткичлар ёрдамида кўрсатув ва эшиттиришларни амалга ошираётган бўлса.

Эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ва эшиттиришга бўлган ҳуқуқи уни биринчи марта эфирга трансляция қилиш пайтидан бошлаб эллик йил мобайнида амал қилади.

59-модда. Кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари

Кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг ушбу Қонунда белгиланган ҳуқуқларига татбиқан белгиланади.

60-модда. Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот томонидан ижрочи, ижро ёзувини амалга оширган шахс ҳуқуқларининг чекланиши

Ижро ёзувини амалга оширган шахснинг, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг розилигисиз ва ҳақ тўламасдан ижродан, саҳна асаридан, эфир орқали берилган кўрсатув ва эшиттиришдан, кабель орқали берилган эшиттириш ва кўрсатувдан ҳамда уларнинг ёзувидан фойдаланишга, шунингдек ёзувни такрорлашга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

кундалик воқеалар шарҳига ижродан, саҳна асаридан, ёзувдан, эфир ёки кабель орқали берилган кўрсатув ва эшиттиришдан унчалик катта бўлмаган парчалар қўшиш йўли билан;

фақат ўқув ёки илмий тадқиқот мақсадларида;

ижродан, саҳна асаридан, ёзувдан, эфир ёки кабель орқали берилган кўрсатув ва эшиттиришдан унча катта бўлмаган парчалар келтириш шаклида, фақат бундай парчалар келтириш ахборот мақсадларида амалга оширилиши ва бунда эфир ёки кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот томонидан тижорат мақсадида эълон қилинган ёзув нусхаларидан исталган шаклда фойдаланиш ушбу Қонуннинг 55-моддаси қоидаларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши шарти билан;

ушбу Қонунда адабиёт, фан ва санъат асарлари муаллифининг мулкий ҳуқуқларини чеклаш борасида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Фонограмма ишлаб чиқарувчининг, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотларнинг розилигисиз эфир ёки кабель орқали берилган кўрсатув ва эшиттиришдан ҳамда унинг ёзувидан шахсий мақсадда фойдаланишга ва фонограммани такрорлашга йўл қўйилади. Фонограммани такрорлашга ушбу Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ ҳақ тўланган тақдирда йўл қўйилади.

Агар қисқа муддат фойдаланиш учун ёзиш ёки такрорлаш эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот томонидан унинг ўз асбоб-ускуналари ёрдамида ҳамда унинг ўз кўрсатуви ва эшиттириши учун амалга оширилаётган бўлса, ушбу Қонун 50, 54, 58 ва 59-моддаларининг ижронинг, саҳна асарининг ёки кўрсатув ва эшиттиришнинг қисқа муддат фойдаланиладиган ёзувларини амалга ошириш, тижорат мақсадида эълон қилинган ёзувни такрорлаш учун ижрочининг, ижро ёзувини амалга оширган шахснинг ҳамда эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг рухсатини олиш ҳақидаги қоидалари қуйидаги шартлар билан қўлланилмайди:

эфир орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилот ушбу модда қоидаларига мувофиқ қисқа муддат фойдаланиладиган ёзув ёки бундай ёзувни такрорлаш амалга ошириладиган саҳна асарининг ўзини, ижрони ёки кўрсатув ва эшиттиришни эфирга бериш учун олдиндан рухсат олган тақдирда;

қисқа муддат фойдаланиладиган ёзув адабиёт, фан ва санъат асарларининг бундай ёзувларига нисбатан белгиланган муддат доирасида йўқ қилиб юборилган тақдирда (ушбу Қонуннинг 33-моддаси), башарти ёзув бутунлай ҳужжат руҳида бўлса, расмий архивларда сақланиши мумкин бўлган ягона нусха бундан мустасно.

Ушбу моддада назарда тутилган чеклашлар ижродан, ижро ёзувидан, саҳна асаридан, эфир ёки кабель орқали берилган кўрсатув ва эшиттиришдан ҳамда уларнинг ёзувидан нормал фойдаланишга зарар етказмаган ҳолда ва ижрочининг, ижро ёзувини амалга оширган шахснинг, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ва эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳамда кўрсатиб ўтилган асарлар муаллифларининг қонуний манфаатларини чеклаб қўймаган ҳолда қўлланилади.

61-модда. Турдош ҳуқуқлардан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани умуман ёки тегишли даражада бажармаганлик ва асардан шартнома тузмаган ҳолда ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик

Турдош ҳуқуқлардан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани умуман ёки тегишли даражада бажармаган ёхуд асардан шартнома тузмаган ҳолда ноқонуний фойдаланган шахс шартномани умуман ёки тегишли даражада бажармаганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги ёхуд зиён етказганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги умумий қоидаларга мувофиқ жавобгар бўлади. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1041—1081-моддалари билан ҳам тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1996 йил 30 август.,

272-I-сон


Public domain in U.S.
Public domain in U.S.
This work is in the public domain in the U.S. because it is an edict of a government, local or foreign. See § 313.6(C)(2) of the Compendium of U.S. Copyright Office Practices, 3rd ed. 2014 (Compendium (Third)) . Such documents include "legislative enactments, judicial decisions, administrative rulings, public ordinances, or similar types of official legal materials."

These do not include works first published by the United Nations or any of its specialized agencies, or by the Organization of American States. See Compendium (Third) § 313.6(C)(2) and 17 U.S.C. § 104(b)(5).


A non-American governmental edict may still be copyrighted outside the U.S. Similarly, the above U.S. Copyright Office Practice does not prevent U.S. states or localities from holding copyright abroad, depending on foreign copyright laws and regulations.

English | español | français | italiano | 日本語 | +/−